Овқатланиш бўйича фойдали тавсиялар

Овқатланиш бўйича фойдали тавсиялар

Организм учун муҳим озуқа маҳсулотлари 6 та гуруҳга бўлинади. Булар: углевод, оқсил, ёғ, витаминлар, минерал элементлар ва сув. Тўғри овқатланиш – ушбу маҳсулотларни мос ва етарли миқдорда қабул қилиш демакдир. Овқатланиш ҳам одамнинг ирсияти, ёши, жинси, жисмоний юкламаси, йилнинг иқлими ва фаслига боғлиқ бўлади.

Барча турдаги овқат маҳсулотлари маълум миқдорда озуқавий қийматга эга. Фақат уларни истеъмол қилишда зарур қоидаларга амал қилиш керак, холос.   Таомномага кўпроқ витаминларга бой овқатлар қўшинг. Таомни ҳар куни куннинг маълум бир қисмида ва маълум бир вақтда истеъмол қилиш лозим. Чунки ошқозон шунга кўникади ва шу вақтга келиб шира ажратишни кўпайтиради. Тез-тез ва кам порцияларда овқатланишга ҳаракат қилиш керак. Кечки овқат ётишдан камида 3-4 соат олдин бўлиши зарур.

Камроқ туз истеъмол қилинг. Консерваланган, музлатилган ёки қайта ишланган таомларни истеъмол қилманг. Тавсия этилган туз миқдори кунига 5 граммдан кам бўлсин. Шундан ошмаслиги учун таркибида оз миқдордаги ёки тузсиз маҳсулотларга эътибор беринг.

Таомни яхшилаб чайнаб ютинг. Овқат оғиз бўшлиғида қанча кўп турса ва чайналса, ошқозонда шира шунча кўп ажралиб чиқади ва овқат ҳазм қилиш жараёни шунча осон кечади.   

Ёғлар, шакар, газланган ичимликлар, хамир маҳсулотлари, чипслар, майонез ва ҳар қандай қайта ишланган гўшт маҳсулотларини истеъмол қилишдан чекланинг.

Таом билан чой ўрнига шарбатлар ёки қайнатилаган сув истеъмол қилиш тавсия этилади, чунки чой таркибидаги танин овқат таркибидаги темир моддасини организмга тўлиқ сўрилишига тўсқинлик қилиш мумкин. Бундан ташқари овқат билан газли яхна ичимликлар истеъмоли ҳам тавсия этилмайди.

Фақат ошхонада овқатланинг! Компьютер олдида, иш жойида  ёки телевизор қаршисида овқатланманг.  Бу сизнинг меъёрда овқатланишингиз учун муҳим.

Ярим тайёр маҳсулотлардан камроқ фойдаланинг. Иложи борича овқатни ўзингиз тайёрланг.

Кўпроқ сув ичинг. Оптимал миқдор кунига 2 литрни ташкил этади.

Кофеинни истеъмол қилишни камайтиринг. Иложи бўлса, уни бутунлай истеъмолдан чиқариб ташланг. Қаҳвадан воз кечиш вазн борасидаги ташвишланишни камайтиради.

Спиртли ичимликлардан воз кечинг. Алкогол тўғридан-тўғри иммунитетимиз душмани саналади.