Мамлакатимизда ҳурматли юртбошимиз бошчилигида барча жабҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, фаровон яшашини таъминлаш бош мақсад қилиб олинган. Ҳар бир мамлакатнинг гуллаб-яшнаши, тараққий топиши учун энг аввало ўша ерда соғлом муҳит барқарор бўлмоғи лозим.
Бироқ, шундай иллатлар борки, улар ўсиб келаётган дарахт илдизига урилган болтага ўхшайди. Коррупция – шундай иллатлардан бири ҳисобланади.
Коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш.
Коррупция оқибатлари мамлакат ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётининг барча босқичларида намоён бўлади. Улар нафақат бутун жамият ривожига салбий таъсир кўрсатиши, балки мамлакат миллий хавфсизлигига ҳам таҳдид солиши мумкин.
Айниқса тиббиёт тизимидаги коррупция инсон ҳаёти ва саломатлигига бевосита таҳдид солади.
Ҳар бир жамиятда тиббиёт тизими аҳоли саломатлигини таъминлашда ҳал қилувчи ўрин тутади. Инсон ҳаёти ва фаровонлиги бевосита тиббий хизматлар сифатидан боғлиқ. Афсус билан қайд этиш зарурки, тиббиёт соҳасидаги коррупция жиддий муаммолардан бирига айланмоқда. Бу иллат нафақат тиббий хизматларнинг самарадорлигига, балки бутун жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий барқарорлигига ҳам таҳдид солади.
Тиббиёт тизимидаги коррупция — бу тиббий хизматларни беришда ёки олишда манфаат эвазига ноқонуний ҳаракатлар содир этилиши, яъни пора олиш ва бериш, шифокорларни танловсиз ишга қабул қилиш, дори-дармон таъминотида шаффофликнинг йўқолиши каби ҳолатларни ўз ичига олади. Бу ҳолатлар қуйидаги салбий оқибатларга олиб келади: Коррупция сабабли лаёқатсиз ёки малакали бўлмаган мутахассислар ишга қабул қилинади, бу эса беморларга нотўғри ташхис қўйилиши ва самарасиз даволашга сабаб бўлади.
Тиббиёт тизимидаги адолатсизлик ва пулга боғлиқлик аҳоли орасида давлат муассасаларига бўлган ишончни сусайтиради. Одамлар хусусий, қиммат клиникаларга мурожаат қилишга мажбур бўладилар.
Коррупция сабабли давлат маблағлари мақсадсиз сарфланади. Масалан, дори-дармон сотиб олиш жараёнларида оширишлар, сохта тендерлар орқали маблағлар талон-тарож қилинади.
Коррупцияли тизимда керакли даволаш воситалари ва тез ёрдам хизматида кечиктиришлар, ёрдамдан бош тортишлар кўпайиши мумкин. Бу эса айрим ҳолатларда инсон ҳаётига зомин бўлади.
Шифокорлар беморга ёрдам беришни ўз бурчи эмас, балки даромад манбаи сифатида кўрадиган бўлиб қоладилар. Бу эса тиббий этикани заифлаштиради.
Энг ёмони — коррупция инсон ҳаётини хавф остига қўяди. Ўз вақтида керакли ёрдамни ололмаган беморнинг ҳаётига зомин бўлиш ҳолатлари ҳам кам эмас.
Коррупцияга қарши курашиш учун давлат ва жамоатчилик ҳамжиҳатлиги, шаффоф тизимлар, электрон бошқарув, жавобгарликни кучайтириш каби чоралар жорий этилиши зарур. Тиббиёт — инсон ҳаёти билан боғлиқ энг муҳим соҳалардан бири. Унда адолат ва ҳалоллик ҳукмрон бўлиши жамият тараққиёти учун муҳим шартлардан биридир. Тиббиёт соҳасида коррупция фақатгина бир инсоннинг эмас, балки бутун жамиятнинг ҳаёти ва саломатлигига жиддий хавф солади. Шу сабабли бу муаммони ечиш барчамизнинг бурчимиздир.
Ҳасан ИБРАГИМОВ,
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳуқуқшуноси